Ёш киноижодкорлар Универсиадага йўл олишди...
Маълумки, шу йилнинг 28-31 май кунлари Андижон шаҳрида “Универсиада-2010” талаба ёшларнинг спорт мусобақалари бўлиб ўтади. Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу мусобақада мамлакатимизнинг барча олий ўқув юртлари талаба ёшлари иштирок этишади ва спортнинг ўн икки тури бўйича ўзаро мусобақалашадилар.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ушбу спорт ўйинларида қатнашувчи ёш спортчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Агентлик томонидан суратга олинган турли мавзудаги бадиий, илмий-оммабоп ва ҳужжатли ҳамда мультипликацион фильмлар намойишларини ва киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқда. Шу муносабат билан, бир қатор ёш, истеъдодли киноижодкорлардан иборат ижодий гуруҳ 29 май куни Андижон шаҳрига йўл олади. Ижодий гуруҳнинг ташкилий ишларига агентликнинг Киновидеофаолиятининг маркетинг ва менежмент бўлими бошлиғи Шуҳрат Турсунов раҳбарлик қилади. Ушбу ижодий гуруҳ таркибига ёш истеъдодли киноактирисалар Муяссар Бердиқулова, Гулнора Қосимова, Гулчеҳра Эшонқулова, Дилором Мирзаева, Зилола Аҳмедбекова, актёрлардан Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Босид Раҳматов, ёш иқтидорли кинорежиссёр Акбар Бектурдиев кабилар жалб қилинди.
Ижодий учрашувлар доирасида, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида суратга олинган “Чол ва набира”, “Сукунат”, “Сув ёқалаб”, “Сўнгги лаҳза”, “Абадият чархи”, “Илова” (“Поскриптум”), “Тузоқ”, “Таҳдид”, “Нариги соҳилда қолган болалик”, “Учар қиз” бадиий фильмлари ҳамда “Ўзбекистон иқтисодий ўсиш ва тараққиёт йўлида”, “Ўзбекистоннинг инқирозга қарши дастури...”, “Шаҳмат тождори”, “Ёшлар шаҳри”, “Соғлом фарзанд – соғлом келажак”, “Миржалол Қосимов”, “Жаҳолат чангалида”, “Авлоддан – авлодга” ва яна бир қатор ҳужжатли фильмлар намойишларини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
“Универсиада-2010” иштирокчилари ушбу маданий тадбирлардан мазмунли ҳордиқ олиб, мусобақаларда олий ўринларга сазовор бўлишларига умид билдирамиз.
Зеро, руҳан ва жисмонан соғлом авлоддангина юқори натижалар кутиш мумкин.