АЗАЛИЙ ДЎСТЛИКНИНГ ОҲОРЛИ НАМОЙИШИ
Ўзбекистонда Озарбойжон киноси кунлари юксак маваффақият билан ўтди. Тадбир доирасидаги ҳар бир дастур икки халқ азалий дўстлигининг замонавий намойишига айланиб кетди.
Меҳмонларни ҳамма ерда самимий кутиб олишди. Мезбонлар ўзларининг меҳмондўстлигини ва чуқур ҳурматини изҳор этишга интилдилар. Тошкент давлат педагогика университети ва Ўзбекистон санъат институти талабалари ўзбек ва озарбойжон маданий алоқаларининг минг йиллик илдизларидан сўзловчи лавҳалар намойиш этдилар, бу дўстлик тарихи ва тақдирини сўз ва соз ижросида кўрсатишга интилдилар. Республика Байналмилал марказидаги дийдорлашув дўстларнинг дастурхон атрофидаги дилкаш суҳбатига айланиб кетди. Қадимий ва навқирон Самарқанд меҳмонларни ўзининг Шарқона нафосати билан лол қолдириши баробарида меҳмонларга туркий халқлар учун умумий теран илдизларни ҳис этишларини таъминлади.
“Ўзбекфильм”нинг қадрдон павильонлари бир оз унутилган ижодий ҳамкорлик ва тақдирдошлик паллаларини ёдга туширди. Бу ерда сақланаётган архив ҳужжатларида озарбойжонлик кино усталарининг таржимаи ҳолига дахлдор кўплаб далилллар заха тортмай сақланаётган экан. Томошабинлар билан Тошкент ва Самарқандда бўлган жонли мулоқотлар ихлосмандлар бадиий етук асарларга ташна эканликларини яна бир бора намойиш этди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги биносида ОАВ ходимлари учун ўтказилган матбуот анжуманида Озарбойжонда таниқли санъаткор Рафик Алиев сафар давомида ўзларини меҳмонда эмас, қадрдонлари, қондошлари даварасида ҳис қилишганини эътироф этди. Делегациянинг бошқа аъзолари ҳам дўстона меҳмондорчилик учун чин юракдан миннатдорчилик изҳор этдилар ва ўз ҳамкасбларини Озарбойжонда куктимшларини билдирдилар.
“Ўзбеккино” МА ахборот хизмати.