| Агентство хакида

| Кино Тарихи

| Киностудиялар



«ГАНЖАДАН САБОЛАР КЕЛАР...»

19 апрелдан Ўзбекистонда Озарбойжон киноси кунлари бошланади.

     Ўзбекистон ва Озарбойжон халқларининг маданий-маърифий алоқалари узоқ тарихга зга. Бири-бирига устоз, бири-бирига шогирд бўлган икки халқ дўстлиги йиллар синовидан шараф билан ўтиб, салмоқли ютуқларни қўлга киритди. Ўз даврида ўзбек шоири Қутб Хоразмий “Низомий болидин ҳолва пиширдим” дея лутф қилган бўлса, озарбойжон адабиётининг классиги Фузулий ҳазрат Навоийни ўзининг устози сифатида эътироф этганди. ХХ асрда яшаб ижод этган олим ва шоир Мақсуд Шайхзода икки халқнинг севимли фарзандидир. Озарбайжон драматурги Ҳусайн Жовид 1925 йилда “Амир Темур” драмасини ёзди, ҳокимият тазйиқига қарамасдан шу асосда Боку театри спектакль саҳналаштирди. 1973 йилда суратга олинган “Насимий” бадиий фильмида Соҳибқирон Амир Темур тимсоли экранга олиб чиқилди. Бундай ижодий ҳамкорлик ҳақида яна кўплаб далиллар келтириш мумкин.
      Мустақиллик йилларида маданий алоқалар янгича мазмун ва кўриниш касб этди. Икки давлат раҳбарларининг учрашувларида имзоланган келишувларда бундай алоқаларни янада ривожлантириш кўзда тутилган. Жумладан, республикалар ҳамкорлиги юзасидан ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 2008 йил сентябрь ойидаги йиғилишида Озарбойжон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлигига Ўзбекистон Республикасида Озарбойжон киноси кунлари ва Озарбойжон Республикасида Ўзбекистон киноси кунларини ўтказиш имкониятларини кўриб чиқиш топширилганди. Ниҳоят, шу йил 19-23 апрель кунлари Ўзбекистонда Озарбойжон киноси кунлари ўтказиладиган бўлди.
    Кино кунларини икки халқ азалий дўстлик ва қардошлик алоқаларининг намойиши сифатида ўтказиш борасида тайёргарлик ишлари олиб борилди. Унинг дастуридан тантанали маросимлар, ижодий учрашувлар, республика Байналмилал маданият марказида мулоқот, олий ўқув юртларига ташриф ва бошқа қизиқарли тадбирлар ўрин олган. Шунингдек, меҳмонлар қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида бўладилар, Шарқ дурдонасининг нодир ёдгорликларини томоша қилиш билан бирга кино мухлислар билан ижодий учрашувлар ўтказадилар.
    Айни пайтда қардош Озарбойжондан таниқли санъаткорлар, кино усталаридан иборат делегация кутилаяпти. Улар сафида дунёдаги турли киностудияларда яратилган қирқдан зиёд фильмларда суратга тушган, миллий мустақил “Ҳумой” мукофоти совриндори, Озарбойжон халқ артисти Рафик Алиев, кўплаб халқаро фестиваллар совриндорлари, таниқли кинорежиссёрлар Зиё Шихли, Меҳрибон Алекперзода, Самир Керимов ва бошқалар ташриф буюради.
     Ҳафталик кунларида озарбойжон кино усталари суратга олган “Ҳукмдорнинг тақдири” ( Элчин сценарийси, режиссёрлар — Рамиз Фаталиев, Дилшат Фатхулин), “Ошиқлар” ( Чингиз Абдуллаев сценарийси, режиссёр Меҳрибон Алекперзода), “Ният” (Явер Рзаев сценарийси, режиссёр Самир Керимогли) сингари бадиий ва 6 та ҳужжатли, мультипликацион, қисқаметражли фильмлар намойиш этилади.
    Кино кунларининг тантанали очилиши Алишер Навоий номидаги киносаройда 20 апрель, соат 18 да бошланади.

“Ўзбеккино” МА ахборот хизмати.