| Агентство хакида

| Кино Тарихи

| Киностудиялар



   Шу йил 16 март “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Ўзбекистон Киноарбоблар бирлашмаси 2009 йилда давлат буюртмаси асосида суратга олинган фильмлар бўйича ижодий конференция ташкил этади. Конференция соат 10.00да иш бошлайди.
   “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб эълон қилинган 2009 йил давомида Агентлик тизимидаги киностудиялар ҳамда ҳусусий студияларда давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариш режасидан ўрин олган “Таҳдид” (реж. Ҳ.Насимов), “Нариги соҳилда қолган болалик” (реж. С.Назармуҳамедов), “Илова” (“Посткриптум”) (реж. Ё.Тўйчиев) бадиий кинофильмлари, “Абадият чархи” (реж. Н.Аббосов), “Уқубат” (реж. О.Йўлдошев), “Тузоқ” (реж. Б.Айназаров), “Аросат” (реж. М.Абдухолиқов),”Сўнгги лаҳза” (“Сен борсан”) (реж. А.Бектурдиев), “Ўғри” (реж. Б.Низоматдинов), “Курорт” (реж. Б.Низоматдинов) бадиий видеофильмларини суратга олиш бўйича ишлар якунланди.
    Шу билан бирга, 2009-2010 йиллар давомида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган “Таъзиядаги тўй” (реж. М.Абзалов), “Қарздор”( реж. Б.Одилов), “Динозавр қолдирган из” (реж. Ф.Давлетшин), “Учар қиз” (“Қорқиз ва кондуктор”) (реж. Ё.Тўйчиев), “Ўргимчак тўри” (реж. М.Абдухолиқов) бадиий кино-видео фильмлари устидаги ишлар давом эттирилди.
    Жорий йилда жами 15 та тўла метражли бадиий киновидеофильмларни ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб борилди.
    “Ўзбекфильм” киностудиясиинг мультфильмлар ижодий бирлашмасида “Сумалак ва минг тилак” (реж. Г.Матевосян), “Оқ товуқ”( реж. Д.Власов), “Лочин ови” (реж. Н.Тўлахўжаев), “Зўраки фолбин” (реж. М.Маҳмудов), “Моҳир кўллар” (реж. А.Маҳамедов), “Олтин танга” (реж. М.Кудрина), хусусий студияларда “Музаффарнинг тушлари” (реж. С.Чуфарнов), “Ҳунарманд шаҳзода” (реж. К.Рўзметова), “Самовий меҳмон” (реж. М.Маҳмудов) сингари 9 номдаги 11 қисм мультфильм суратга олинди.
    Ўзбекистон Республикаси илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси, “Қорақалпоқфильм” ва бошқа студияларда 60 дан ортиқ ҳужжатли фильм суратга олинди.
    Бундан ташқари хусусий студиялар томонидан ўз маблағлари эвазига 35 та бадиий видеофильм яратилди. Улар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгаши ва Эксперт комиссияси муҳокамасидан ўтказилиб, мамлакат экранларига чиқарилди.
    “Ўзбекистон иқтисодий ўсиш ва тараққиёт йўлида” номли илмий-оммабоп фильм ўзбек, инглиз ва рус тилларида яратилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” китобидаги материаллар, қоидалар ва хулосаларга бағишлаб 22 май куни Тошкентда ўтказилган халқаро конференцияда ушбу фильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
    60 дан зиёд турли жанрдаги фильмлар 30 га яқин халқаро кинофестивалларда иштирок этди.
    Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлаш чора-тадбирлари доирасида “Унутилмас оҳанглар” фестивали ўтказилди.
    Ўзбек миллий санъатининг чет мамлакатларда кенг тарғиботини амалга ошириш учун миллий кино санъати кунларини ўтказишга катта эътибор берилди. 22-27 май кунлари Эстониянинг Таллин шаҳрида “Ўзбек миллий кино санъати кунлари” ўтказилди. Дастурдан жой олган сўнгги йилларда яратилган бадиий, хужжатли ва анимацион фильмлар намойиши, Тошкент шаҳрининг 2200 йилллигига бағишларган кўргазма эстониялик мухлисларда яхши таассурот қолдирди. Эстония маданият вазирлиги канцлери иштирокида ўзбекистонлик кино ижодкорлар билан ўтказилган учрашувда ўзаро тажрибалар алмашилди.
    Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2007 йилнинг 18-19 октябрь кунлари Туркманистонга бўлган давлат ташрифи чоғида эришилган келишув ва шартномаларнинг тасдиқланган Режасига мувофиқ Туркманистон Республикасида 2009 йилнинг 15-20 сентябрь кунлари “Ўзбек киноси ҳафталиги” ўтказилди. Кино кунларида 6 та бадиий, 10 мультипликацион, 8 та илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. 3 кишидан иборат делегация Туркманистонга ташриф буюрди.
    10-14 ноябрь кунлари “Ўзбеккино” Миллий агентлиги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳамкорлигида «Возобновленные диалоги-4» номли IV-Халқаро илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар семинари ўтказилди. Халқаро семенарда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон давлатларидан киноижодкорлар, шунингдек, Россиядан соврин олган фильмлар дастури ҳам иштирок этди.
     29 ноябрь - 3 декабрь кунлари Эстониянинг Таллин шаҳрида “Қоронғу тунлар” Халқаро кинофестивал дастурида режиссёр Ё.Тўйчиевнинг “Сукунат” ҳамда Ҳ. Файзиевнинг “Кичкина одамлар” номли бадиий фильмлари иштирок этди.
     11-14 декабрь кунлари “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Киночилар уйида “Япониянинг замонавий кино кунлари”ни юқори савияда ўтказди. Унда «Экспресс-галактика 999», «Вақтдан ўзган қиз» каби мультипликацион ва «Робототехника бўйича конкурс», «Аёллар ва асуралар ҳақида» номли бадиий фильм намойишлари ўтказилди.
     ОАВ да кино санъати ва саноатидаги аҳволни кенгроқ тарғиб қилиш, Агентлик фаолияти билан жамоатчиликни муттасил таништириб боришнинг аҳволини янада яхшилаш мақсадида Кинотарғибот жамоатчилик гуруҳи тузилди. Дастлаб унинг Низоми ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, гуруҳ аъзоларига самарали фаолият юритишларини таъминлашга кўмаклашувчи имтиёзлар берувчи махсус гувоҳномалар жорий қилинди. Унинг сафига 30 га яқин журналист, кинотанқидчи, киношунос ва жамоатчилик вакиллари бирлашди. Айни пайтда гуруҳ аъзоларининг чиқишлари ОАВ да мунтазам эълон қилиб борилмоқда.