МАРТАБА - МИЛЛИЙЛИКДА
Айни пайтда кино санъатининг умумий аҳволи бир қадар қониқиш уйғотади, деган хулосани ўртага ташласак, бу тўхтам турлича акс-садо бериши шубҳасиз: кимдир бу фикрга қўшилади, кимдир рад этади. Албатта, икки тарафнинг ҳам ўзига яраша салмоқли далиллари бўлади. Гапнинг сирасини айтганда, шунинг ўзи -- кино оламидаги вазиятнинг жамоатчиликни бепарво қолдирмаслиги ижобий ҳолат. Ростдан ҳам ўз ўрнида дунёнинг саккизинчи муъжизаси, дея эътироф этилаётган санъатнинг бу тури мавжудлигида ўзбек киноси ҳам ўз мавқеини тайин зтишга жиддий киришган, бу борада астойдил изланишлар олиб борилмоқда. Бундай ижодий уйғонишга Юртбошимизнинг 2004 йил 16 мартдаги “Кинематография соҳасидаги бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони дастурул амал бўлди, миллий кино санъатимизнинг ривожланиш уфқларини белгилаб берди.
Ўтган йиллар давомидаги ўзгаришлар томошабинлар кўз олдида кечди. Замондошларимиз ўй-кечинмаларини, бунёдкорлик фаолиятларини, кечмиш кунларнинг моҳиятини тўлақонли очиб беришга интилган кўплаб экран асарлари яратилди. Уларнинг ютуқ-камчиликлари ҳақида турли давраларда ҳар хил мулоҳазалар изҳор қилинди. Бу мулоҳазалар бир нарсани қатъий тасдиқлайди: соҳада жиддий изланишлар жараёни изчил давом этмоқда. Қувончли томони шундаки, изланишлар бир жойда депсиниб қолмай, унинг самаралари кўзга ташланаётир, зарур даражада баҳосини олаётир Шубҳасиз, бу борада томошабиннинг эътирофи асосий мезон эканлиги кўзда тутилмоқда.
Тўғри, кино ижодкорлиги соҳасида силжишлар бор. Бугун бутун дунёда тан олинган экран асарлари бўй-бастини мўлжал қилиб яратилаётган кинофильмларда баъзан қандайдир оламшумул унсурлар кўзга ташланмоқда (масалан, “Ўтов”, “18-квадрат”, “Ой остидаги ҳовли”, “Йўл бўлсин” сингари асарлардаги баъзи муваффақиятлар ялт этиб кўзга ташланади-ю, фақат бу ҳолат нега умумий мезонни белгилаб бера олмаганлиги ўйлантириб қўяди), баъзан ижодкорнинг улуғ нияти экранга кўчмай (кўчолмай), сценарий варақларида қолиб кетмоқда (аксарият фильмларда ижодкорлар қандай маҳобатли ваъдалар беришмасин, афсуски, улар “бир марталик” деган таҳқирли баҳодан нарига ўтиша олмаяпти). Шу ўринда бир-бирига унчалик ҳам қовушавермайдиган икки ҳолатни қайд этиш керакки, бу омил асарга баҳо берилаётганда ҳал қилувчи овозга эга бўлади: режиссёр ишга қўл урганда соф кино санъатини тасаввур қилдими ёки томошабинни кўз олдига келтириб, кўпроқ чўнтакни ўйладими? (Эндиликда кино ҳақида гапирганда, муҳокамани шу нуқтадан бошлаш жоиз бўлиб қолди, чунки кассабоп асар билан анъанавий услубдаги жиддий фильм ўртасидаги тафовут бир қобиққа сиғмай қолмоқда). Таассуф билдириладиган жойи шундаки, айни дамда фақат томошабинга маъқул келадиган (аслида, кўпроқ одам тўплайдиган) “асар”лар яратилмоқда, ҳатто бугунги жараён, аҳвол ҳақида гап кетганда, муҳокама шайини ҳам шу томонга оғиб кетаётир: томошабин савияси даражасидаги айрим саёз фильмлар бугунги киномиз қиёфасини белгилаб қўймоқда. Демак, ҳеч қачон экран асарларига қўйиладиган талаблар даражасини пасайтирмаслик, сарфланган маблағу (хусусий студияларда), ижодкорлар савиясининг пастлиги сингари қусурларга юз-хотир, тоқат қилмай, муросасиз муносабатда бўлиш кун тартибида қатъий тураверади.
Шу ўринда фильмларга рухсатнома (лицензия) бериш жарёни ва унинг асар савиясига таъсири ҳақида баъзи мулоҳазаларни ўртага ташлаш мавриди келганга ўхшайди, негаки, савсиясизликни олдини олишнинг бир оз ибтидоий, лекин унғай воситаси -- рухсатнома бермаслик. Бунга эришиш учун маълум асарнинг экранга чиқиш йўлини узоқроқдан бошлаш керак бўлади чамамизда. Ҳозиргача бу борада шундай амалиёт мавжуд: давлат буюртмаси бўйича яратилаётган фильмлар тайёр бўлгунча бир неча марта таҳлил қилинади, мутахассислар хулосалари олинади. Хусусий студияларда эса бунинг иложини таъминлаш мумкин бўлмаяпти. Очиғини айтганда, сценарий билан танишишга ҳам улгурилмай, асарни тандирдан узилган нондек Эксперт кенгашига тақдим этишади (балки харажатларни вақтида қоплаш ёки мўмай даромадни тезроқ тақсимлаш истаги ғолиб келар). Яхши бўлардики, хусусий студиялардаги ижодий жараёнда мутасадди идоралар вакилларининг иштирокини таъминловчи меъёрий ҳужжатлар яратилса, уларга малакали маслаҳат бериш имкони пайдо бўларди. Шунда фақат сценарий билан нари-бери танишилмай, суратга олиш жараёнида ҳам қатнашиш, актёрларнинг мавзуни қандай талқин этаётгани, касб одобига нечоғлик амал қилаётгани, миллий қадриятлар ва бошқа нозик талаблар қай даражада бажарилаётганини кузатиш имкони ҳам бўларди (айни пайтда анчагина сарф-харажат ва хатти-ҳаракат сарфлаб яратилган асарлар тайёр ҳолида, “сўнгги нўқта” қўйилиб тақдим этилмоқда, уларни тўхтатиб қолиш эмас, жузъий ўзгартириш киритишнинг ҳам иложи топилмаяпти. Бунчалик “кўп қаватли” ёндошувни таклиф қилаётганимизнинг тажрибада тасдиқланган кўплаб сабаблари бор: кино санъатининг аудиторияси жуда кенг, уни миллионлаб кишилар кўради, бир номақбул нуқта кўплаб кишиларнинг таъбини хира қилиши мумкин ва ҳакозо).
Бугунги кино ҳақида гап кетганда ижодкорларнинг савияси кўпчиликни ўйланириб қўймоқда. Фильм яратиш жараёни билан яқиндан таниш бўлмаган томошабин экранда “жавлон ураётган” санъаткорнинг кимлигини билмаслиги, билишга қизиқмаслиги ҳам мумкин. У ўзининг маҳорати билан яхши ёки ёмон таассурот қолдиради ва шу муносабат унга берилган баҳо бўлиб қолаверади. Киноижодкорларнинг ички олами билан яқиндан таниш мутахассислар эса бошқачароқ -- профессионал нуқтаи назардан ёндошиб, масалага муносабатларини билдирадилар. Кўпинча икки томон -- томошабин ва мутахассисларнинг фикрлари бир жойдан чиқиб қолади. Ҳеч ким ночор, нотабиий ижрони қониқиш билан қабул қила олмайди. Бугунги айрим фильмлар ҳақида ана шундай баҳо берилмоқда: на томошабинлар, на мутахассислар қониқаётганлари йўқ.
Бундай аҳволнинг сабабларини аниқлашга ўтишдан олдин мавжуд манзарани кўз олдимизга келтирайлик, яъни ҳозир кимлар кино олаяпти ва кимлар суратга тушаяпти? Кино бозорида соғлом рақобатни юзага келтиришни назарга тутиб, хусусий студияларга бирлашган ижодий жамоаларга фильм яратиш ҳуқуқининг берилгани бу борадаги ишбилармон ва тадбиркорларга кенг йўл очди. Тўғриси, ўз истеъдоди билан жамоатчиликка танилмаган, ҳатто бу соҳага бутунлай нотаниш бўлган кино корчалонлари бу имкониятни фақат бир томонлама қабул қилдилар: нима қилиб бўлса ҳам даромад кўриш. Оқибатда, томошабин талаблари билан ҳисоблашиб, тез қабул қилинадиган, асосан, ақлга, онг-шуурга эмас, шунчаки кайфиятга таъсир қиладиган -- ҳордиқ берадиган асарлар яратилди. Бундай “ижодкор”ларнинг иши ўнгидан келаётганини кўрган бошқалар ҳам жазавага тушиб (бу ҳолни бошқачароқ ифодалаб бўлмайди), зудлик билан ишга киришиб кетдилар ва уч ой - тўрт ойда бир фильмни “есть” қилиб ташлай бошладилар. Иштаҳа шунчалик карнай эдики, баъзи чаққон “ижодкор”лар (масалан, актёрлар) икки қўли билан икки жойни ушлаб олган, икки оёғи билан икки ўринни банд қилиб тургандек таассурот қолдиради (агар улар суратга тушган “асар” ларни бир ипга тизиб чиқсангиз, шундай манзара ҳосил бўлади -- амалда уларнинг бунча серкўлам “ижод”га қандай улгурганини тасаввур қилиб бўлмайди). Демак, моддий манфаатдорлик васвасаси юзаки, “қўл учи”даги ижро усулини келтириб чиқарди ва бунда ҳар қандай маҳорат мезонигина эмас, эътиқод талаби ҳам унутилди. Бундай шароитда эса киноактёрлик ёки режиссёрлик соҳасида махсус маълумот эгасигина эмас, санъатнинг кўчасига бўйламаганлар ҳам кинода “жавлон ура” бошладилар. Шундай қилиб, кино соҳаси қандайдир оммавий санъат йўналишига ўхшаб қолди. У шаклланиб, ўзини анча тутиб олди, жамоатчилик эътирофини турли йўллар билан қозонишга уринди (истисно тариқасида таъкидлаш керакки, бундай “оммалашув”да шундай асарларни кўкка кўтариб мақтаб келаётган “КиноТеатр”, “Киномания” (номга эътибор беринг) сингари телекўрсатувлар, айрим хусусий ҒМлар ҳам байроқдор бўлишди). Бора-бора бутунлай тасодифий зотларнинг киноюлдуз ёки буюк режиссёр бўлиб қолиши, шундай мақомни талаб қилиши эриш туюлмай ҳам қолди. Яна бир афсусланадиган томони -- улар ўз даражасига мос томошабинлар аудиториясини шакллантиришга ҳам улгурдилар: кинотеатрга келувчилар бирор аниқ экран асарини ёки актёр ижросини кўриш учун эмас, қайси фильмга одамлар кўп тушаётган бўлса, ўшанга “кириб ўтириш” учун ташриф буюрадиган бўлиб қолдилар...
Шундай бўлгач, кимнинг моддий аҳволи кўтарса, кино суратга оладиган, кимда хоҳиш бўлса, кинода ўйнайдиган бўлиб қолмайдими?
Ижодкорнинг савияси деганда унинг касб маҳоратидан ташқари дунёқараши, маслаги, ҳатто турмуш тарзини ўзида жамлаган фазилатлар мажмуи тушунилади. Томошабинни ҳайратга соладиган асар яратаман, деган санъаткор, шубҳасиз, унинг даражасидан анча баланд бўлиши лозим. Умумий оқимнинг ичида юрган одам шу даражада фикр юритади ва савияси ҳам “эл қатори” бўлади. Дейлик,умрида тўрт амални бажара олмаган одамнинг алгебра билан шуғулланиши ҳеч бир натижа бермаганидек, омма ичида юрган зотнинг бирданига санъаткор бўлишни орзу қилиб қолиши ҳам самарасиз қолаверади. Санъатнинг олийжаноб ижтимоий вазифаларидан бири одамларга эзгулик улашиш, уларнинг қалбини юксак инсоний фазилатлар билан музайян этишдир. Мабодо бу боқий талаб ўрнини мўмай даромад кўришдек чекланган ният эгалласа ҳам ҳаракатлар ҳавода қолиб кетаверади. Одам чўнтагида бирор нарса бўлса, бировга ул-бул ҳадя эта олади. Эзгуликни юқтириш учун ҳам маънавий жиҳатдан бой бўлмоқлик лозим, албатта. Айниқса, ўзи тушунмаган нарса ҳақида гапириш кишини, юмшоқ қилиб айтганда, бебурд қилиб қўяди.
Хуллас, “Шошиб қолган ўрдак ҳам думи билан, ҳам боши билан шунғийди” деганларидек, кўринмас пойгада соврин олишга жаҳд қилган баъзи фильмлар ўзининг ночорлигини қай тахлит намойиш этмоқда -- улар тишга тегадиган қандай лавҳалар билан безанмоқда? Яқинда “Ўзбеккино” Миллий агентлигида бўлган бир давра суҳбатида шулар ҳақида очиқ гапирилди. Бугунги миллий кино оламида фаолият юритаётган асосий ижодкорлар тўпланган йиғилишда сўз экранда халқимизга хос қиёфа, ички олам, урф-одат ва анъаналар қай тахлит акс эттирилаётгани ҳақида борди. Мавзу юзасидан соҳанинг мутасаддилари аниқ мисоллар билан асосли фикр юритдилар.
Куйинчаклик билан билдирилган мулоҳазалар замирида бир ҳақиқат пойдевор эди: дунё ўзбек халқини мустақилликкача ўзгаларнинг таърифи даражасида кўриб келди. Аслида, бой ўтмишга эга бўлган халқ ундан ортиқ эъзозга, илтифотга лойиқ дир. Истиқлол миллатимизни жаҳонга бутун бўй-басти билан кўрсатиш имкониятини бердики, қалбида заррача инсоний ғурур, шу юртга садоқат ва эҳтиром бўлган ижодкор бу хайрли ишдан четда турмаслиги лозим. Айни пайтда эса бу эзгу ният тўлалигича экранларга кўчаяпти, деб бўлмайди. Аксинча, билиб-билмай миллий ўзлигимизни қийшиқ акс эттириш, урф-одат ва анъаналарни нотўғри талқин этиш ҳоллари тез-тез учрамоқда. Шу ўринда бир фильмдаги лавҳа мисол тариқасида келтирилди: уйга бегона эркаклар кириб келади. Уларга ёш жувон елиб-югуриб хизмат қилади. Шу манзаранинг ўзида бир қанча “қийшиқ” ўринлар бор. Аввало, ўзбекчиликда эркаги йўқ уйга, ҳар қандай эзгу мақсади бўлмасин, бегона мардум кирмайди. Ёш жувоннинг ўзи танимаган эркакларга парвона бўлиши ҳам ўзбекона меҳмондорчилик эмас, умуман, ўзбекчилик эмас. Бундай нозик нуқталарни ҳис қилмаслик қош қўяман, деб кўз чиқаришдан ҳам баттар. Негаки, бизнинг азалий тартибларимизни тушуниш учун бундан ҳам зуккороқ бўлиш керак. Мана, бизда четдан келган одамга муносабатнинг қадимдан шаклланган илк нуқтаси: дарвозага иккита -- катта ва кичик халқа осиб қўйилган. Эркак киши келса, катта халқани ёғочга уриб тақиллатган ва унинг овозидан фарқлаб, у кишига эркак киши пешвоз чиққан. Аёл киши ташриф буюрса, кичик халқа билан тақиллатган... Бундай инжа тартибларни ҳар қадамда учратиш мумкин ва фақат уларни билишгина эмас, ҳурмат ҳам қилиш лозим бўлади. Ана шундай заргарона нафосат акс зтмас экан, ният қанчалик холис бўлмасин, қанчалик баландпарвоз гаплар янграмасин, бундай асарлар миллийликка даъво қила олмайди.
Шу ўринда кўпчиликда пайдо бўлиши эҳтимол тутилган бир иштибоҳга муносабат билдириб кетишга тўғри келади. Миллийликка чорлаш, миллийликка даъват этиш асло маҳдудликни тарғиб этиш эмас ёки кўзга кўринмас чеклашлар орқали умуминсоний тараққиёт ютуқларидан бебаҳра қолишга чорлаш эмас. Аксинча, умуминсоний маданият бир гулдаста бўлса, биз уни бетакрор бир чечак билан бойитсак, бу бизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссамиз, олам каҳкашонидаги порлоқ юлдузимиз бўлмайдими? Бундай имконият ҳар қандай миллатнинг орзуси, десак янглишмаган бўламиз, бироқ ҳамма ҳам бундай миссияни эплай олмайди: ё салоҳияти етмайди,ё тарихи тақоза қилмайди. Ҳолбуки, икки дарё орасида яшаган халқлар инсониятга кўплаб даҳоларни тақдим этган, ХХ1 аср ҳам шундай илинж билан яшаётган бўлса, зҳтимол.
Демак, кино ижодкорларимизда маҳорат ва маънавий комиллик миллат, Ватан, шу муқаддас заминга ҳурмат туйғуси билан вобаста бўлиб кетмоғи шарт.
Миллий туйғу ижодкорни тарихни ўрганишга, ота-боболарнинг ўтмиши билан чуқурроқ танишишга ундайди. Қалбида миллий туйғу жўш урган истеъдод эгаси ўз санъатини дунёдаги энг илғор маданиятлар қаторида кўришни хоҳлайди. Келажак учун қайғуриб, истеъдодини эртанги авлод -- ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар бўлиб етишишига хизмат қиладиган асарлар устида ишлайди (кўпроқ пул тўплайдиган эмас). Миллий тилининг обрўси учун курашади, қаҳрамонларини она тилининг бутун бойлигини намойиш эттириб, сўзлатади (русча фикрлаб, ўзбекча гапирмайди). Нафсиламрини айтганда, бизнинг маҳаллий ижодкорларимиз русларга эргашиб -- тақлид қилиб, дунё миқёсида бирор ютуққа эришишларини тасаввур қилиш қийин, негаки, рус маданиятида шундай чўққилар мавжудки, улардан баланд кўтарилиш ҳамон орзу бўлиб қолмоқда.
Биз яшаб турган, бизга бошпана бериб турган Ватан ўзгача эъзозга лойиқ. Унинг бағридан қанчалаб даҳолар етишиб чиқмаган, унинг кенгликларида қанчалаб оламшумул ғоялар, кашфиётлар ёруғлик юзини кўрмаган. Биз умргузаронлик қилиб турган гўшанинг шаън-шавкатини юксалтириш унинг ҳар бир фарзанди учун муқаддас бурч бўлиб қолаверади. Мабодо қалбда унинг бугунги юксалишидан ифтихор, юмушларига ҳозиржавоблик ҳисси бўлмаса, бундай кишини ватанпарвар деб бўладими? Афсуски, айрим санъаткорлар асосий ишга халақит беради, дегандек мамлакатдаги аҳвол билан қизиқмайдилар, унда кечаётган буюк ўзгаришларни ҳис этмайдилар.
Ижодкор қалбида ҳеч қуриса бугун елкасида кўтариб турган, хазинасидан ризқ бераётган, аждодларини бағрида сақлаётган ва ўзига ҳам мангу маскан бўлиб қоладиган шу табаррук тупроққа меҳр бўлмоғи шарт. Агар нафақат ижодкор, ҳар қандай одам ниманидир севмаса, ниманидир муқаддас билиб, топинмаса ва унга борлиғини бағишламаса, унинг умри шамолларда ўтиб кетгандек тасаввур туғдиради. Оёғи остидаги заминни кўрмай, унга қарамай, топинмай ўтган зот кўзини осмонга тикиб, қадами остидаги жарни кўрмаган ва унга қулаган шапкўрга ўхшайди. Хокисор тупроқ ҳар бир фуқародан ҳурмат ва эъзоз сўрайди.
Бир оддий ҳақиқатни яшириб бўлмайди: замонавий ўзбек киноси ХХ аср муъжизаси сифатида объектив сабаблар билан рус кинематографияси билан бақамти пайдо бўлди. Таомилга кўра етакчи анъана ва услуб сифатида ҳам “миллатлааро алоқа воситаси”нинг амалиётидан фойдаланилди. Узоқ вақт олий маълумот ва юқори малака берадиган имконият ҳам шундай бўлиб қолди. Бундай омиллар эса беихтиёр ғайри руҳ ва ёндошувларнинг қарор топишига олиб келди. Бугун фаолиятда бўлган ижодкорларнинг аксарияти шу авлод вакиллари. Энди ҳаётдаги буюк ўзгаришларни ҳис этмаслик, хўржунларни ортиқча ашқол-дашқоллардан тозалаб, янги ва мумтоз бисотлар билан тўлдирмаслик даврдан, замонадан орқада қолганлик ҳисобланади. Шундай экан, бу борада вақт ҳукмини ҳис этмасдан томошабин қалбини ром этадиган гўзал асарлар яратиб бўлмайди.
Юртимиз дунё ҳамжамиятида ўз ўрни ва салоҳиятини тобора ёрқинроқ намоён этиб бормоқда. Унинг кино санъати ҳам шу мезон даражасида бўлади.
Ҳаким САТТОРИЙ
("Миллий тикланиш" газетасининг 2010 йил 6 январь сонида жузъий қисқаришлар билан эълон қилинган)