18 декабрь куни “Киночилар уйи”да ўзбек миллий маданиятининг уч атоқли намоёндалари, Ўзбекистон халқ артистлари, таниқли кинорежиссёр Йўлдош Аъзамов, кино ва театр актёрлари Марям Ёқубова, Машраб Юнусовлар таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан катта хотира тадбири бўлиб ўтди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Киноарбоблар бирлашмаси ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу кеча чинакам санъат байрамига айланди, десак янглишмаймиз.
Ҳар бир буюк санъаткорнинг ибратли ҳаёти, бой ва бебаҳо ижодий мероси ҳақида фикрлар билдирилиб, бетакрор ижод намуналаридан видео тасвирлар намойиш этилди.
Тадбирда ўзбек миллий кино ва театр санъатининг кўплаб таниқли вакиллари, жумладан, Шуҳрат Аббосов, Ёқуб Аҳмедов, Ёдгор Саъдиев, Гулчеҳра Жамилова, Ўлмас Алихўжаевлар саҳнага чиқиб, устоз-санъаткорлар билан боғлиқ ёрқин хотираларни ёд этишди. Шунинингдек, санъат усталари ва ижодкор ёшлар томонидан қилинган чиқишлар, куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.