Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

МАТБУОТ ХАБАРНОМАСИ

2014 йил 2 февраль

Жорий йилнинг 29 январь куни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбариятининг нодавлат киностудиялари раҳбарлари, продюсерлари ва режиссёрлари билан тасвирга олинаётган фильмларнинг ғоявий-бадиий савиясини кўтариш йўлида қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан фикр алмашишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

– Бугунги ҳар бир кинофильм, ишлаб чиқарувчиси ким бўлишидан қатъи назар, битта экран орқали кўрсатилади, бинобарин, томошабин улардан сифат талаб қилишга ҳақли. Ҳеч ким ёмон фильм қиламан, демайди, яхши фильм олишни ният қилади, бироқ унинг маълумоти, истеъдоди, қолаверса, маънавияти ўша оладиган фильмига мос бўлиши керак. Бундан кейин фильмлар бўлган талаб ортиб бораверади, – деди Ж.Қосимов.

Бош директорнинг фикрича, тасвирга оланаётган фильмнинг сценарийси пухта бўлмаса, камчиликларни тузатиш жараёнидаги ҳар бир қайта монтаж унинг сифатини тушириб юборса юборадики, яхшиламайди. Шунинг учун ишни тўғри ташкил қилмай туриб, мавжуд камчиликларни тузатиб бўлмайди.

Жорий йилнинг февраль ойида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Киноарбоблар уюшмаси билан бирга сценаристлар, режиссёрлар сингари ёш киноижодкорлар учун 3 ойлик бепул маҳорат сабоқлари ташкил этаётгани нодавлат киностудиялари ходимларига амалий ёрдам бериш ва тасвирга олинаётган фильмларнинг ғоявий-бадиий савиясини кўтаришга қаратилгандир.

Таниқли кинодраматург Рихсивой Муҳаммаджонов нодавлат киностудияларида тасвирга олинаётган фильмлар бўйича ҳам йиллик ҳисобот конференциясини ўтказиш таклифини ўртага ташлади ҳамда уларнинг камчилик ва ютуқлари ҳам ўз баҳосини олиши кераклигига таъкидлаб, кейинги пайтда ушбу фильмларнинг сюжети, ғояси чет эл фильмларидан ўғирланаётган ҳоллар кўпаяётганидан ташвиш билдирди.

Агентликнинг Лицензиялаш, аудиовизуал маҳсулотларни эксперт баҳолаш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Рустам Шарипов давра суҳбати иштирокчиларига берган маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда аудиовизуал маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлган жами 302 та хусусий студия фаолият кўрсатмоқда. Лекин шулардан 2013 йилда, бор-йўғи, 30 таси кинофильмлар ишлаб чиқарди ва агентлик хусусий киностудияларда яратилган 43 та бадиий киновидеофильмга рухсатнома берди. 2014 йилнинг январь ойида эса 5 та фильм Эксперт баҳолаш комиссияси кўригидан ўтиб, рухсатнома олди, 4 та фильмга эса талабга жавоб бермагани учун рухсатнома берилмади.

Давра суҳбатида баъзи хусусий матбуот нашрларида айрим киностудияларда ишлаб чиқарилган, аммо ҳали давлат рўйхатидан ўтганлик рухсатномасини олмаган фильмларнинг премьераси бўлиб ўтди, қабилидаги ёлғон хабарлар чиқиб кетаётгани, уларнинг реклама роликлари Интернет сайтларида, Фейсбукда ва ҳатто Тошкент шаҳридаги айрим супермаркет тармоқларининг телеэкранларида намойиш этилаётгани танқид қилиниб, бу мавжуд қонунчиликка зид экани алоҳида қайд этилди.

Таниқли актёр Матёқуб Матчонов нодавлат киностудияларида тасвирга олинаётган фильмлар юзасидан билдирилаётган танқидий фикрлар ва қўйилаётган юксак талаб ўринли эканини айтди ва бу борада Эксперт баҳолаш комиссияси фақат сценарийни қабул қилиш ва фильмга рухсатнома бериш билан чекланиб қолмасдан уни тасвирга олиш жараёнида ҳам ёрдам берса, яхши бўлур эди, деган фикрни билдирди.

Бош директор Ж.Қосимов “Ўзбеккино” Миллий агентлиги нодавлат киностудиялари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга, хусусан, “Зумраша” болалар киножурнали ва қисқа метражли фильмлар учун маблағ ажратишга ҳам тайёр эканини эълон қилди.

Давра суҳбати иштирокчилари бундай фикр алмашиш фойдали эканини ва уни мунтазам ўтказиб бориш лозимлигини билдирди.

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech