Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

МАТБУОТ ХАБАРНОМАСИ

2014 йил 3 февраль

2014 йил 3 февраль куни Республика Киночилар уйида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига кўра "Ўзбекфильм" киностудиясида тасвирга олинган “Қудуқ” бадиий фильмининг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун премьераолди намойиши ва фильм ижодий жамоаси иштирокида матбуот конференцияси бўлиб ўтди.

Сценарий муаллифи Ғофур Шермуҳаммад Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳудудида тасвирга олинган фильм воқеалари собиқ Иттифоқ даврида, дашт бағридаги қишлоқда бўлиб ўтишини, унда ижодий жамоа ўзбек халқига хос бағрикенглик, самимийлик, ҳалоллик сингари бир қатор эзгу фазилатларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилганини билдирди.

Постановкачи режиссёр Мансур Абдухолиқовнинг фикрича, фильм оғир чўл шароитида олинишига қарамасдан, ижодий жамоа, айниқса, актёр ва актрисалар қийинчиликлардан чўчимасдан ишлади ва фильмни баҳолаш томошабин ҳукмига ҳавола.

Фильм бош қаҳрамони Лаллай бир умр қишлоқ аҳлига қудуқ қазиб бериш билан шуғулланади. У қилган меҳнати учун ҳеч кимдан ҳеч нарса тама қилмайди. Содда, ишонувчан одам бўлгани учун баъзан ноинсоф одамлар ундан ўз манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади, қудуқ қазиш жараёнида ҳар хил воқеаларга гувоҳ бўлади, турфа табиатли одамлар билан мулоқот қилади. Ҳаётда кўрган-кечирганларини умумлаштириб, ўзича бир хулосага ҳам келади: “Умр бўйи тупроқ ковлаш билан андармон бўлиб, дунёнинг ўзгарганини сезмай қолибман. Одамлар ҳам аввалгидай эмас. Баъзиларнинг кўксидаги қудуқ қурий бошлаганга ўхшайди. Мен шу қудуқлардан сув чиқараман деб беҳуда уринаётганга ўхшайман...”

Фильм премьераси 2014 йил 7 февраль куни соат 17.00 да Республика Киночилар уйида ва 18.00 да Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтади.

“Қудуқ”

бадиий фильми ҳақида қисқача маълумот

Сценарий муаллифи Ғафур Шермуҳаммад

Постановкачи режиссёр Мансур Абдухолиқов

Постановкачи оператор Умид Маликов

Постановкачи рассом Бектош Ражабов

Бастакор Тойир Асқар

Ролларда: Муҳаммадисо Абулхайиров, Лола Элтоева, Абдухалил Мигноров, Юлдуз Ҳамидова, Фарҳод Худойбердиев, Сайфиддин Мелиев

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech