Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Жорий йилнинг 14 февраль куни “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг 2013 йил давомидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2014 йил вазифаларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда бош директор Жаҳонгир Қосимов агентликни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги устувор вазифаларни бажаришга оид чора-тадбирлар тўғрисида маъруза қилди.

Бугунги кунда 2013 йил мобайнида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан “Виждон”, “Одноклассники.ру”, “Хонадон эгаси”, “Қудуқ”, “Бекатдаги одам”, “Тоға”, “Пойга”, “Қўрғон” сингари тасвирга олинган бадиий фильмлар республика кинотеатрларида намойиш этилмоқда. “Кўргим келади” бадиий фильмининг премьераси яқин кунларда бўлиб ўтади. “Мен ёнингдаман”, “Сеҳрли қалпоқча-2”, “Зарба” сингари бадиий фильмларини ишлаб чиқариш ишлари ҳам ниҳоясига етказилиб, яқин кунларда улар ҳам томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинади.

Агентлик буюртмаси билан 2013 йилда “Ўзбекфильм” киностудиясида “Раҳмат сенга, эртак!”, “Очкўз хўроз”, “Донишқишлоқ ҳангомалари”, “Қилич ботир”, “Танбалларнинг жазоси”, “Чалпак ёққан кун”, “Синема-сервис” студиясида “Тилбилистонга саёҳат” номли мультипликацион фильмлар ишлаб чиқарилди ва бирин-кетин намойиш этилмоқда.

2013 йилда “Зумраша” ҳажвий видеожурналининг навбатдаги тўплами яратилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар студияси ва “Қорақалпоқфильм” киностудияси ва бошқа студияларда “Ижтимоий ҳамкорлик макони”, “Андижонлик қаҳрамон”, “Зарарли ақидалар”, “Ҳаёт кушандаси”, “Лочинлар”, “Келажак – ёшлар қўлида”, “Тошкент геология музейи”, “Маҳмуд Кошғарий”, “Миллатимиз фахри”, “Равнақ йўлида”, “Заргар”, “Узоқ ўтмишдан мерос” “Соғлом миллат буюк ишларга қодир”, “Жўшқин ранглар асири”, “Олтин бешик даври адабиёти” (2 қисм) сингари ҳужжатли фильмлар яратилди.

Маърузада Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар студияси фаолияти қониқарсиз экани, студия раҳбарияти ва ижодкорлари охирги йилларда ҳужжатли фильмларни профессионал, давр талаби ва руҳига мос равишда ишлаб чиқара олмаётгани ва улар мавзусини тўлақонли очиб бера олмаётгани кескин танқид қилинди. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллигига бағишлаб, ҳукумат топшириғи билан яратилган ҳужжатли фильмларга буюртмачилар эътироз билдиргани, агентлик қошидаги бадиий кенгаш уларни бир неча марта қайта ишлаб чиқаришга тавсия қилганига қарамасдан аҳвол ўнгланмагани келтирилди.

Шунингдек, бош директор мажлис иштирокчилари эътиборини агентлик вилоят бўлимларининг фаолияти таҳлилига қаратди ва уларнинг аксарияти фаолияти қониқарсиз эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Маърузада вилоятлардаги кинотеатрлар фаолияти 2013 йил 1 ноябри ҳолатига кўра таҳлил қилиб чиқилганда мавжуд 241 та кинотеатрдан фақат 92 таси белгиланган талаб асосида фаолият юритаётгани, 144 таси эса кинофильмлар намойиши билан умуман шуғулланмай, савдо мажмуаси, ресторан, омбор ёки маъмурий биноларга айлантирилгани, устав фондида давлат улуши 25 фоиздан 100 фоизгача бўлган 33 та кинотеатрдан фақат 13 таси ишлаб тургани қайд этилди.

Республика ҳукуматининг топшириғи билан республикадаги мулкчилик шакли турлича бўлган кинотеатрлар фаолиятини ривожлантириш, улардан маънавият масканлари сифатида фойдаланиб, базасида “Ёшлар масканлари”ни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, агентликнинг вилоят бўлимларига юборилган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларни ҳар хил бекорчи ишлар билан шуғулланиши, “оммавий маданият” ёки бошқа турли таъсирларга тушиб қолиши олдини олишдан иборатдир. Афсуски, баъзи вилоят бўлимлари бу ишни ҳалигача бажаргани йўқ.

Бундан ташқари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига билан тасвирга олинаётган бадиий, мультипликацион ва ҳужжатли фильмларнинг вилоятлардаги намойишини ташкил қилиш ишлари ҳам оқсаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки ёшларнинг маънавий тарбиясида муҳим ўрин тутадиган кинофильмлар намойишини ташкил қилиш долзарб вазифалардан биридир. Бунинг учун мулкчилик шакли турлича бўлган, аммо фаолият кўрсатмаётган кинотеатрлар қачон ишга тушишини кутиб ўтирмай, коллеж ва лицейлар, маданият саройлари, болалар оромгоҳларида кино- ва видеофильмларнинг намойишини ташкил қилиш ҳам мумкин ва зарур.

Бош директори Ж.Қосимов вилоят бўлимлари раҳбарларидан ушбу камчиликларни бартараф қилиш бўйича муайян чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни ва улар ижросини шахсан назоратга олишини айтиб, огоҳлантирди.

Мажлисда агентлик фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech