Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

МАТБУОТ ХАБАРНОМАСИ

2014 йил 27 март

Бугун, 27 март куни Республика киночилар уйида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган "Япония киноси кунлари" фестивалининг расмий очилиши маросими бўлиб ўтди.

“Ўзбеккино” МА бош директори Жаҳонгир Қосимов Ўзбекистон халқи Япония билан ўзаро тушуниш, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилишга асосланган дўстона муносабатларни қадрлашини айтди.

– Ушбу фестиваль кино санъати мамлакатларимиз халқлари ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутишининг исботидир ва у ўзбек томошабинига Япония халқи ва унинг ҳаётини яқиндан билиб олишида ёрдам беради, - деди Ж.Қосимов.

Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Като Фумиҳико "Япония киноси кунлари" фестивалида комедиядан мелодрамагача бўлган 5 та киноасар намойиш этилишини маълум қилди ҳамда биринчи куни намойиш этиладиган “Сумоси ҳам жонга тегди” фильмида икки талабанинг қадим тарихга эга бўлган ва синтоизм дини маросимларига асосланган сумо кураши билан шуғулланиши ҳақида ҳикоя қилишини айтиб ўтди.

Элчи жанобларининг фикрича, сумо Ўзбекистонда Грузия, Монголия ёки Россиядагичалик машҳур эмас, шунинг учун фильм ўзбек томошабини учун қизиқарлидир. У келгусида Ўзбекистондан ҳам машҳур сумочилар етишиб чиқишига умид билдирди.

– "Япония киноси кунлари" фестивалининг ўтказилиши ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни, шунингдек, Япония билан ўртасидаги маданий алмашувни янада ривожлантиришга ҳисса бўлиб қўшилади, – деди элчи жаноблари.

Эслатиб ўтамиз, "Япония киноси кунлари" фестивали доирасидаги барча фильмлар Республика киночилар уйида 27 мартдан 30 мартгача намойиш этилади.

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech