Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

"Тоға" бадиий фильмининг премьераолди намойиши ва матбуот конференцияси ҳақида

Жорий йилнинг 8 апрель куни Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан “Ўзбекфильм” киностудиясида тасвирга олинган “Тоға” бадиий фильмининг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун премьераолди намойиши ва унинг ижодкорлари иштирокида матбуот конференцияси бўлиб ўтди.

Фильм сцеранийси муаллифи ва постановкачи режиссёри Рашид Маликов ушбу лойиҳани амалга оширишга имкон бергани учун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

˗ Аслида Совет даврининг сўнгги йилларидан ҳикоя қилувчи фильм воқеалари кичик бир шаҳарчада бўлиб ўтиши керак эди, лекин биз уни Бухоро шаҳрида тасвирга олдик. Тасвирга олиш жараёнида ижодий жамоанинг аҳиллиги барча муаммоларни енгиб ўтишда катта ёрдам берди, - деди у.

Режиссёр фильм бош қаҳрамони Санжарни турли қимор ўйинлари ўйнаб юришига қарамасдан ижобий қаҳрамон деб ҳисоблашини айтди. У журналистлардан бирининг нега деярли ҳар бир эпизодда уч нафар созанда иштирок этиши ҳақидаги саволга, буни режиссёр атайлиб киритганини, улар эпизодларнинг қувноқ ёки ғамгин эканига қараб, “Андижон полкаси” ёки поляк композитори Михаил Огинскийнинг “Огинский полонези” мусиқасини миллий чолғу асбобларида (рубоб, доира ва аккордеон) чалиб турганини айтди.

Фильмнинг бошқа ижодкорлари ҳам тасвирга олиш жараёнлари ҳақидаги таассуротларини ҳикоя қилиб берди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

...Асарда тасвирланган воқеалар ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида бўлиб ўтади. Санжар исмли саккиз яшар болакай ёзги таътил пайтида тоғасиникига меҳмонга бориб, у ерда бир муддат яшайди. Унинг тоғаси бўлмиш Жумаш гарчи қувноқ, ҳазилкаш одам бўлса-да, юрагининг бир чеккаси кемтик, яъни у билан хотини бефарзанд эдилар. Шу боис Жумаш жажжи жиянини еру кўкка ишонмай, доим ўзи билан бирга етаклаб юради. Жумаш баъзан ножоиз ишларга ҳам қўл уради. Лекин охир-оқибат ўз хатоларини тушуниб етиб, Санжарга ҳаётда ҳалол яшаш лозимлигини уқтиради. Санжар катталар ҳаётини кузатиш орқали ўзи учун зарур хулосалар чиқариб олади.

“Тоға” фильми ҳақида қисқача маълумот

Сценарий муаллифлари: Рашид Маликов, Алишер Жуманиёзов

Постановкачи режиссёр: Рашид Маликов

Постановкачи оператор: Умид Маликов

Постановкачи рассом: Мария Сошина

Композитор: Дмитрий Янов-Яновский

Ролларда: Бобур Йўлдошев, Борис Гафуров, Нигора Каримбоева, Аббос Нигманов, Феруза Собитова, Али Чориев, Ръано Шодиева ва бошқалар

“Ўзбекфильм” киностудияси маҳсулоти, 2014 йил

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech