Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

МАТБУОТ ХАБАРНОМАСИ

2014 йил 30 май

2014 йил 2 июнь куни соат 10.00 да Алишер Навоий киносаройида “Соғлом бола йили” давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб, “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остида катта тадбир ташкил этилмоқда.

Тадбирда “Ўзбеккино” МА буюртмасига кўра тайёрланган мультфильмлар ва эртаклар аудио тўплами тақдимоти ҳамда Зумраша” ҳажвий киножурналининг янги сонлари намойиш этилиб, Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига ушбу тўпламларнинг дисклардаги нусхалари совға қилинади.

Болажонларни Кино саройининг байрамона безатилган фойесида болажонларни ўзбек халқ эртаклари ва мультфильмлари қаҳрамонлари либосидаги актёрлар кутиб олади. Улар болалар билан рақсга тушади, турли хил ўйин ва мусобақаларда иштирок этади, мусобақа ғолибларига таниқли театр ва кино актёрлари совғалар улашади.

Фойеда болаларга мўлжалланган китоблар савдоси ташкил этилади ва улар турли мавзуларга бағишланган викториналарда иштирок этади. Шунингдек, Кино саройининг болалар майдончасида ёш рассомларнинг кўргазмаси бўлиб ўтади, Успенский номидаги мусиқа билим юртининг ёш скрипкачилари жаҳон мумтоз мусиқа асарларидан намуналар ижро этади. Республика қўғирчоқ театри актёрлари спектакллардан парчалар кўрсатади.

Бундан ташқари, таниқли эстрада хонандалари Шаҳзода, Зиёда, Алишер Файз ва Жаҳонгир Фозилжонов ҳамда кулги усталари Шукрулло Исроилов, Валижон Шамсиев болажонларни жозибадор қўшиқлари ва ичакузди ҳангомалари билан қутлайди.

Эслатиб ўтамиз, тадбирни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр”, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика Маънавият тарғиботи маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий амалий маркази ҳамкорликда ташкил этмоқда ва у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб, 28 май – 3 июнь кунлари ўтказилаётган “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остидаги махсус ҳафталик доирасида ўтказилмоқда.

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech