Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

МАТБУОТ ХАБАРНОМАСИ

2014 йил 23 декабрь

“Соғлом бола йили” Давлат дастурида ёшлар тарбиясига хизмат қиладиган юқори бадиий савияли, чуқур тарбиявий аҳамиятга эга бадиий, мультипликацион, ҳужжатли фильмлар ҳамда “Зумраша” болалар юмористик киножурналининг 12 та тўпламини ишлаб чиқариш вазифаси белгиланган эди.

Жорий йилда Дастурга биноан замонавий фантастика жанридаги “Сариқ девни миниб” (“Сеҳрли қалпоқча-2”), ўзбек халқ эртаклари асосида саргузашт жанридаги “Ойқиз эртаги” бадиий фильмлари ишлаб чиқаришга туширилди. “Ўзбекфильм” киностудиясида миллий анимациямиз тарихида илк бор “Нўхат полвон” номли тўла метражли, 90 дақиқали мультипликацион фильмни ишлаб чиқаришга киришилди. Халқ эртаклари мотивларига асосланган, болажонларнинг севимли қаҳрамонлари иштирок этадиган ушбу мультфильмни 2015 йилда катта экранларга чиқариш режалаштирилган. Айни пайтда мультфильмни суратга олиш ишлари давом этмоқда.

“Зумраша” болалар юмористик киножурналини ишлаб чиқариш мақсадида “Ўзбеккино” Милилй агентлиги қошида тажрибали адиблар, кино усталаридан иборат ижодий гуруҳ тузилиб, оммавий ахборот воситаларида киножурналга мўлжалланган ихчам сюжетлар учун танлов эълон қилинди. Танловда кўплаб таниқли ижодкорлар, ёш муаллифлар фаол иштирок этишди. Улар тақдим этган асарлар белгиланган мезонлар асосида ўрганиб чиқилиб, энг яхши намуналари саралаб олинди.

Киножурнал тўпламлари “5-студия” ёшлар тажриба-ижодий уюшмаси, “Қорақалпоқфильм” киностудияси, Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси масъулияти чекланган жамияти ва “Санъат-маъно” студияларида суратга олинди.

“Зумраша” болалар юмористик киножурналини ишлаб чиқаришга истеъдодли ёш киноижодкорларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистон Киноарбоблар бирлашмаси ташаббуси билан улар учун “Маҳорат сабоқлари” семинари ташкил қилинди. Семинарда тажрибали кино усталари режиссёрлик, операторлик ва сценарийнавислик сирларидан ёшларга сабоқ беришди.

Умуман, киножурналини ишлаб чиқариш жараёнида йигирмага яқин ёш режиссёр, оператор ва сценарийнавис фаол иштирок этди. Музаффар Қорабоев, Ҳабибулла Ҳасанов, Баҳодир Мусаев, Бернар Назармуҳамедов, Сарвар Исаев, Баҳром Шаропов ва бошқа бир қанча навқирон киноижодкорлар яратган қувноқ лавҳаларда жажжи болаларнинг беғубор характери, орзу-умидлари, дунёни англашга бўлган интилиши табиий ва ишонарли акс эттирилгани эътиборга лойиқ. “Зумраша” киножурналини яратиш борасидаги ижодий изланишлар бундай ёшлар учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтади, дейиш мумкин.

“Зумраша” киножурналининг дастлабки тўпламлари 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан пойтахтимиздаги бир қатор кинотеатрларда жажжи томошабинлар учун бепул намойиш қилинди. Муҳими, ёш томошабинлар киножурналдан ўрин олган кулгига бой, ибратли лавҳаларни катта қизиқиш билан кутиб олишди.

Киножурнални ишлаб чиқариш ишларини келгуси йилда ҳам мунтазам давом эттириш режалаштирилган. Айни пайтда бу жараёнга ижодкорлар ва иқтидорли ёшларни янада кенгроқ жалб этиш чоралари ишлаб чиқилмоқда.

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech